КАЛЕНДАРЬ - Календарь ( лот . calendarium- қарз дафтари ) . Қадимги Римда олинган қарз юзасидан ҳар янги ойнинг биринчи куни фоиз тўланган, қарз дафтарига шу кунлар ёзиб борилган.
Қуёш календари Қадимги Мисрда ҳар йили Нил дарёсининг тошиб туришига қарши тайёргарлик кўриш катта аҳамиятга эга эди. Миср коҳинларини энг ёруғ юлдуз Сириус эрта тонгда биринчи марта кўриниши Нил дарёсининг яқин орада тошишига мос келишини аниқлаб, шу асосда Миср календарини яратдилар. Мил. Аввал 28-асрда мисрликлар йилни ҳар бири 4 ойдан иборат 3 қисмга бўлганлар. Бир ой 30 кун бўлиб, йил охирига қўшимча 5 кун киритилар эди. Миср календари тропик йилдан, тахминан 6 соат қисқа бўлганлиги учун йил боши олдинга сурилиб, ҳар 1460 йилда яна биринчи бошланган вақтига тўғри келади. Буни мисрликлар сезчсалар ҳам Кабиса йилини киритмаганлар. Лекин, шунга қарамай ҳозирги вақтда йилномаларнинг ватани Миср эмас, қадимги Рим ҳисобланади. Календар дастлаб Қадимги Римда пайдо бўлган.
Миср календаридаги йилнинг адашиб юришини тузатиш учун мил. Ав. 46 йилда Рим консули Юлий Цезарь Миср астрономи Созиген маслаҳати билан ислоҳот ўтказди. Созиген тропик йили таз. 365 ва 0,25 кунлигини билган ҳолда бир йилни 12 ойга бўлди, олдинлари қўшиб келинган мерцедоний деб аталган ойни календардан чиқарди ҳамда йил бошини 1 январга кўчирди.

 

АҚШ ДОЛЛАРИ ТАРИХИ - Доллар сўзи ўрта асрларда дастлаб 1519 йилда Германияда пайдо бўлган танга номи “Таллер”дан келиб чиққан. 1873 йилда таллер Германияда бутунлай муомаладан чиқиб кетди. Унинг ўрнига марка кириб келди. Бироқ унинг номи халқ орасида қолиб кетди.
Шу пайтларларда Англия ва Испания колонияларида песо номи билан машҳур бўлган испан тангалари муомалада бўлган. Бу тангаларни кўп жойларда адашган ҳолда “dalar” деб аташар эди. Бизга машҳур бўлган доллар номи ҳам унинг дунёга машҳур белгиси доллар ҳам ўша пайтда пайдо бўлган. Узун инглизча ибора “piese of Eight”, яъни 1/8 (нимчорак) коғозда ўчирилган 8 га айланиб, охир-оқибат бизга таниш бўлган доллар белгиси пайдо бўлган.
1879 йилда АҚШ ҳукумати давлатнинг расмий валютасини муомалага киритиш чоғида унга ҳеч иккиланмай ҳаммага маълум ва машҳур бўлган доллар номини танлашди. Ўша пайтда машҳур шахслардан бири “Янги Америка ўзининг янги пулига жуда эски ном танлади” - деган эди. 1792 йилда муомалада бўлган АҚШ пулининг таркибидаги соф олтин микдори 1,6033 гр ёки 24,057 гр соф кумушдан таркиб топган эди. 80 йиллардан сўнг, яъни 1876 йилда мазкур олтин тангалар давлатнинг расмий пул бирлиги сифатида тан олингандан сўнг унинг таркибидаги соф олтин микдори 1,50463 гр килиб белгиланди. Бу миқдор АҚШда яна 30 йил, 1929-33 йиллардаги жаҳон иқтисодий таназзулигача амалда бўлди. Шу алфозда қабул килинган “олтин захираси” ҳақидаги ҳужжатга биноан, тилло микдори 0,88867 гр.га, яъни 41 %га туширилди.
Шу пайтда Троя унциясининг нархи 35 доллар эди. II-жаҳон урушидан кейин АҚШ дунёдаги ҳукмронлигини мустаҳкамланиши билан долларнинг дунёдаги урни хам аста-секин билиниб борди. Маршал шартномасига асосан, вайрона ҳолга келган Европага АҚШ инвестицияси билан биргаликда долларнинг йирик оқими ҳам кириб кела бошлади. Уруш туфайли ачинарли аҳволга тушиб қолган Европада долларнинг кенг истеъмолга кириши қийин кечмади. Шу пайтда Европанинг марказий банкларида долларни исталган Европа давлати пул бирлигига ёки келишилган миқдордаги олтинга алмаштириб олиш мумкин эди. Бироқ ХХ асрнинг 60-йиллари ўрталарига келиб, долларнинг кадри тушиб кета бошлади. Инфляциянинг ўсиши ва АҚШ савдо балансидаги танқислик навбатдаги доллар девальвациясини келтириб чиқарди. 1971 йилнинг охирида олтиннинг бир унцияси 38 долларга чиқди. Долларнинг таркибидаги олтин микдори эса умуман тўхтатилди. 1973 йиллар яна 10 %га девальвация қилинди. 1974 йилнинг февралига келиб, олтиннинг бир унцияси дунёнинг йирик биржаларида 150 долларга кўтарилди. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 260 долларни ташкил этади. 100 йил мобайнида доллар 10 баробар арзонлашди. Аммо олтин стандартидан воз кечилган пайтда доллар ер юзининг кўпчилик аҳолисини ишончини қозонган эди. Кўплаб давлатларнинг норасмий пулларига айланиб қолди. Охирги йилларда эса Жанубий Америка давлатларининг кўпчилигида доллар асосий пул ўрнида қўлланилмоқда.
АҚШдан бошқа яна 26 давлат пул бирлиги доллар номи билан юритилади. Замонавий “долларчи” давлатларнинг катта қисмини Британия империясидан мустақил бўлгандан сўнг қабул қилишган. 1857 йилда Канада Британия колониясидан доминьонига айланган вақтдан бошлаб, бу давлатнинг расмий пул бирлигига айланди. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда замонавий Канада банкнотларида ҳам Британия қироличаси Елизавета II ни портрети акс этган. Охирги муомалага киритилган долларлардан бири - бу Сингапур долларидир. 1967 йилда кенг муомалага киритилган ушбу банкнотлар қушлар, кемалар, гуллар ва бошқа нарсалар билан безатилган. Бу пул дунё пуллари ичида ҳам энг чиройли бўлишига даъвогарлик қилади. Лекин замонавий АҚШ долларлари эса ҳамон ХХ аср бошидаги тасвирини узгартирганича йўқ. Олд қисми кулранг, орқаси яшил. Барча банкнотлар бир хил ўлчамда (157х67 мм). ХХ аср охирига келиб, пул қалбакилаштириш авжига чиққан пайтда долларнинг содда кўриниши давр талабига жавоб беролмай қолди. Яқин-яқингача пулни қалбакилаштириш жуда осон эди. 1996 йилда чиққан долларнинг янги нусхаси фирибгарлар учун жиддий синов бўлди.

 

КАЛЛА СУЯГИ - Калла суяги-мия ва юз қисмларига бўлинади. Одам калласи 23 суякдан иборат, шундан 8 таси жуфт-тепа суяк, чакка, юқори жағ пастки чиғаноқ, танглай, ёноқ суяклари, кўз ёши суяклари, бурун суяклари ва 7 таси тоқ-пешона, энса суяклари, поансимон (асосий) суяк, ғалвир суяк, димоғ, пастки жағ, тил ости суяклари. Одамда бош мия ғоя тараққий этганлигидан калла суягининг мия қисми катта, юз қисми пастга чўзилган.
Калла суяги мия қисмининг ички юзаси миянинг қаттиқ пардаси билан қопланган, шу парда ҳосил қиладиган веноз синунслар (каналлар) мияда фойдаланиб қолган қонни олиб кетади. Бу синуслардан баъзиларининг рўпарасида калла суягининг тешиклари бор, веноз синуслар шу тешиклар орқали бошнинг тери остидаги веналарига туташади; бош териси еринглаганда баъзан микроблар ўша йўл билан калла суяги ичига кириши мумкин. Калла тубидаги тешиклар орқали нервлар (кўриш, ҳидлаш, юз, эшитиш нервлари ва б.) ва қон томирлари (уйқу артелиялари, бўйинтуруқ веналари) ўтади. Калла суяги асосидаги энг катта тешик-энса тешиги орқали узунчоқ мия орқа мияга туташади.

 

КОНФЕТ ДАРАХТИ - Конфет дарахти, Говения-итжумрутдошлар оиласига мансуб мевали дарахт. Корея, Хитой, Японияда ёввойи ҳолда ўсади ва экилади. Этли мева банди ширинлик сифатида ситеъмол қилинади ва кондитер саноатида қўлланилади; мева бандида 20-23%, қуруғида 47,8 % гача қанд бор. Гули серасал. Ёғочи мебель ва музика асбоблари тайёрлашда ишлатилади.

КУРАНТ - Курант (французча Courant - оқадиган, югурадиган) -миноранинг юқорисига ўрнатилган ёки хонага қўйиладиган, қўнғироқлар воситасида музикавий изчиллик билан занг ўрадиган катта соат. Россияда энг катта курант биринчи марта Москва Кремлидаги Спасск минорасига ўрнатилган (1625 й.). Тошкентдаги курант архитектор А.А. Мухаммедшин лойиҳасига асосан 1946 й. қурилган. Уни безашда наққош Уста Ширин Муродов қатнашган.

 

1 2

1-саҳифа
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
     
 

 

 
 
Copyright © 2005 haqiqat.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz