Султонов Ўктамбек Абдулғаниевич
ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти аспиранти

«Тарихи жадидаи Тошканд» асарида Яссавия тариқати намояндалари мозорлари зикри

Қадимдан бир қатор мусулмон шаҳарлари сингари Ўрта Осиё шаҳарлари довруғи ҳам унинг иқтисодий ва маданий тараққиёти билан бирга, у ерда машҳур алломалар, фақиҳлар ва мутасаввуфларнинг яшаб ўтганлиги ва гавжум қадамжолари ҳамда мозорларининг мавжудлиги билан ҳам белгиланган.
Афсуски, бундай қадамжоларнинг аксарияти тарихнинг турли даврларидаги ўзгаришлар туфайли вайронага айланган ёки умуман йўқ бўлиб кетган. Бугунги кундаги бундай масканларни таъмирлаш ва ободонлаштириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтмишда яратилган бир қатор асарлар ҳамда археологик топилмалар республикамиз ҳудудида мавжуд бўлган ислом оламида машҳур бўлган шахсларнинг мозорлари ва зиёратгоҳлари тўғрисида қимматли маълумотлар беради. Жумладан, Наршахийнинг «Тарихи Бухоро»(IX аср), Абу Хафс Насафийнинг «Қандия» (XI аср), Аҳмад ибн Маҳмуднинг «Тарихи Муллазода» (XVI аср), Абу Тоҳирхожанинг «Самария» (XIX аср) Носириддин тўра(Ибн Амир Музаффар)нинг «Тухфат уз зоирин» (XIX аср) асарлари Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва уларнинг атрофидаги мозорлар тўғрисида маълумот берувчи асосий ёзма манбалардир. Шундай асарлардан бири Муҳаммад Солиҳхожанинг «Тарихи жадидаи Тошканд» асари бўлиб, Тошкент шаҳри ва вилоятида мавжуд бўлган кўплаб мозорлар, қадамжолар ва уларнинг XIX асрдаги аҳволи тўғрисида маълумот беради.
Тошкентдаги бундай мозорлар тўғрисида айрим маълумотлар Мавлоно Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул орифийн» ва Фахриддин Али ас-Сафийнинг «Рашаҳот» асарида учрайди. Унда Хожа Аҳрор Тошкентдалигида тунлари Қаффол Шоший, Шайх Зайниддин, Шайх Хованд Таҳур, Хожа Иброҳим кимёгар мозорларини зиёрат қилиб турганлиги тилга олинади.
«Тарихи жадидаи Тошканд» асаридаги маълумотлар эса бир мунча тўлароқ ҳамда бир тартибда бўлиб, улар асосан асарнинг Тошкент шаҳрининг тўрт даҳага бағишланган қисмида келтирилган. Муаллифнинг ёзишича тўрт даҳа(ёки рукн) номи ҳам Тошкентда яшаб шу ерда дафн этилган Абу Бакр Қаффол Шоший(в.365/976й); Шайх Зайниддин(т.й. 1214); Шайх Хованд Таҳур(в. 756/1359); Занги ота(в.656/1258) номлари билан аталган. Кейинчалик бу даҳалар Себзор, Кўкча, Шайхонтаҳур ва Бешёғоч деб юритила бошланган. Шуниси диққатга сазоворки, асарда келтирилган Қаффол Шоший, Шайх Муҳаммад парранда, Хожа Довуд, Шайх Хованд Таҳур, Бобои Обрез, Ҳазрат Уккоша, Хожа Йикко, Занги Ота, Шайх Зайниддин, Хожа Чироғбардор, Саид Работакхожа, Хожа Аламбардор каби бир қатор шахслар мозорларининг шаҳарда жойлашган ўрни, уларга туташ бинолар ва ўртасидаги масофалар ҳамда муаллиф замонидаги ҳолати тўғрисида аниқроқ маълумотлар олиш мумкин.
Қуйида биз фақат асарда келтирилган Яссавия тариқати намояндалари мозорларига доир маълумотларга тўхталмоқчимиз.
Маълумки Тошкент воҳаси Яссавия тариқати кенг тарқалган ҳудудлардан бири бўлган. Бу ҳудуддаги қадамжо ва мозорларнинг аксарияти Хожа Аҳмад Яссавийнинг халфалари, издошлари ва авлодларига мансуб. Бир қатор бошқа манбаларда ҳам бундай мозорлар тўғрисида қисқа маълумотлар учрайди. Масалан, Али ас-Сафий Исмоил Ота қабрини Тошкент ва Сайрам оралиғидаги Хузиён қарйасида, уларнинг ўғиллари Исҳоқ хожа қабри эса Тошкент ва Сайрам оралиғидаги Испижоб қарйасида деб маълумот беради. Яссавий шайхлар ҳаётини ёритувчи Муҳаммад Олим Сиддиқийнинг «Ламаҳот» (1624 й.ёз.) асарида Исмоил Ота қабри Хузиёнда, Садр Ота қабри Тошкентдан 2 фарсанг бўлган Ўрта Сарой қарйасида, Бадр Ота қабри эса Тошкентдан 4 фарсанг бўлган Кўҳак қарйасида эканлиги тилга олинади. «Тухфат ул ансоб Алавия» асари (1737 й.ёз.) муаллифи Хожа Абдураҳим Ҳисорий Садр Ота қабрини ҳам Кўҳак қарйасида жойлашган деб ёзади. 1697 йил ёзилган «Хужжат ул зокирин» асари муаллифи Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Ҳусайн Бухорий эса Садр Ота қабрини Тошкентдан 2 фарсанг бўлган Авсар(?) қарийасида деб кўрсатади.
Албатта бу каби асарлар Яссавия тариқати шайхларининг ҳаёт йўллари, авлодлари ва муридлари тўғрисида бирмунча тўлиқ ёритилган. «Тарихи жадидаи Тошканд» асари эса ушбу тариқатнинг айрим намояндаларининг Тошкент ва унинг атрофида жойлашган мозорлари, қадамжолари тўғрисида маълумот беради.
Таржима

Шайҳонтаҳур даҳасида:
Тўнқатор мақбараси. Бу рукннинг Турк маҳалласида, Шайҳонтаҳур ариғининг юқорисида Тўнқатор мақбараси жойлашган бўлиб, улар Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавийнинг муридларидан, шу ном билан машҳур бўлганлар. Улар азим ҳолат ва кароматларга эга бўлганлар ва сулук аввали ва умрлари охирларида шу анҳор(бўйи)да бўлганлар. Соликлар аҳли ҳали ҳануз Тўнқатор номига мавсум қиладилар.

Себзор даҳасида:
Туркчи Ота. Чиғатой дарвозаси яқинида нурлари файзли бир мозор бордирки, Туркчи Ота исмига мавсумдир. Улар ақлий ва нақлий илмларда олим бўлиб, Аҳмад Яссавий сулуки соликларидандирлар. Ўша даврнинг ишончли кишиларининг ҳикоя қилишларича улар араб тили ва бошқа илмлардан дарсгўйлик қилганлар ва талабалар билан туркий тилда суҳбат ва маколама қилганлар. Шу жиҳатдан Туркчи Ота номини олганлар.
Коҳ Ота. Тахтапул дарвозаси ёнида нурлари файзли ва нурафшон бир мозор бўлиб, уни Коҳ Ота деб атайдилар. Коҳ Ота жаҳри номини баъзи бир машҳур кишилар ҳикоя қиладиларки, улар зоҳиран Хожа Аҳмад Яссавий сулуки силсиласидандирлар. Зероки ул Ҳазрат (Хожа Аҳмад Яссавий) силсиласида дохил бўлсалар сулукда мартабадан мартаба ҳосил қилсалар уларни «ота», «ота» дейдилар. Чунончи, Занги Ота, Садр Ота, Саид Ота, Узун Ҳасан Ота, Исмоил Ота ва бошқалар. Ҳар бир киши уларнинг (Коҳ Отанинг) чиллахоналарида покланиш тариқасида сидқидилдан ўтирадилар ва ўзларининг ғойибий мақсадларига етишадилар.
Иброҳим Ота. Қорасарой дарвозасининг ташқарисида маъруф ва машҳур бўлган Иброҳим Отанинг нурлари файзли бўлган мозори жойлашган. Уларнинг зоҳирий ва ботиний кароматлари ва кашфиётлари ҳувайдодир. Уларнинг мақбараларидан то Қорасарой дарвозасигача ярим фарсаҳдан камроқдир. Касбу камолотлари зоҳирий покликка ва тафсилотлари ботиний сифатларга эга бўлган. Ҳар киши уларнинг зиёратига қадам ранжида қилсалар буюк бир ҳолат пайдо қиладилар. Бугунги кунда ҳам аксар толиби илмлар ул жанобнинг чиллахоналарида покланиш ниятида муқимдирлар.
Кўҳак ота. Бу рукнда яна Тошкент шаҳри қўрғонининг ташқарисида бир мозор бўлиб, ундан Тахтапул дарвозасигача 2000 қадам хушрафторки, Кўҳак Ота номи билан машҳурдир. Мозорнинг шимолида Кайкобус ариғи жойлашган. Кўҳак Ота машойихи киборлардан, уларнинг аҳволлари ва кароматлари кайфиятларидан бири шуки, агар бирор киши бу мозорга беодобона қадам ранжида қилса охир оқибат молихулийо касалига мубтало бўлади.
Исмоил Ота. Бу рукннинг Ясси номли қарйасида улуғ киборлардан Ҳазрат Исмоил Отанинг қабри бор. Маноқибларда ва Жомийнинг «Рашоҳот» номли девонида Дашти Қипчоқнинг туркий машойихлари тармоғида у кишининг мақтовга лойиқ сифатлари келтирилган. Шундай баён қиладиларки, у киши ҳар куни бир неча катта қозонда таом пишириб сўнгра бир баланд минорага чиқиб ноқора ва табл чалишга бошларди. Таблнинг овози ҳар жойга етгач Дашти Қипчоқнинг атроф ноҳияларидаги бодианешин одамлар келиб ошхўрлик қилганлар ва таом келганларнинг ҳаммасига етиб ортиб ҳам қолган. Ўша замоннинг соҳиб долонлари бу ҳол юзасидан савол берганларида шундай жавоб берганлар:

Таблин урорам ....................................................Ошин берорам

Кўкча даҳасида:
Йиғлоқ Ота. Бу рукннинг мўътабар ва нурафшон мозорларидан Йиғлоқ Ота номига мавсумдирки, форсийда «гирйа кунанда» демакдир. Бу жойнинг бундай номланишига сабаб шуки, замон кишилари у зоти бобаракот зиёратига қадам ранжида қилсалар аввало таҳорат олиб, сўнг бу даргоҳ учун икки ракат намоз адо қилиб, Калом раббоний тиловат қиладилар. Шундан сўнг сидқидилдан эътиқод қилган ҳолда жомасини ечиб, ул хонага кирадилар ва Қибла томондаги новвадон остига ялан оёқ ҳолда тик турадилар. Ҳар кимки пок эътиқодли ва тамоман ихлосли бўлса бир оздан сўнг қуруқ новвадондан йиғига ўхшаган(товуш билан) сув оқиб (кишининг) бошига қуйилади. /услдан сўнг сув тўхтайди. Баъзи (яъни ихлос қилмаган) кишиларга бир қатра ҳам сув тушмайди.

Бешёғоч даҳасида::
Сузук Ота. Бу рукнда яна Ҳазрат Сузук Отанинг жаннатмакон мақбараси жойлашган бўлиб, у ҳазратнинг насаби Ҳазрат Ҳаким Отага уланади. Уларнинг ажойиб кароматлари ва кашфиётлари маноқибларда ёзилган, иморатлари (эса) ҳувайдодир.
Занги Ота. Самарқанд дарвозасидан Занги Ота равзаларигача бир фарсаҳ ва (бу йўлда) узулуксиз боғ, ҳовуз, чорбоғ ва дарахтзор ҳамда бир қанча карвонсарой ва дўконлар жойлашган. Ҳазрат Занги Ота иморати ва кошинкор гунбазларини Амир Темур Соҳибқирон Шаҳрисабзий бино қилгандир. Ва уч томондаги иморатни эса Нормуҳаммад Қушбеги мадраса қилиб ҳужралар солди (1832.й). Қаноат оталиқ эса айвонни олиб ташлаб, пишиқ ғиштдан масжид(1870.й) ва олий жамшидий панжаралар ва кошинкор гунбазларни таъмирлашга буюрди.
Ҳар йили қовун пишар маҳали шаҳар аҳолисининг акобирлари уч кун у ерни сайр ва саёҳат қилишга келадилар ва бу томоша атроф шаҳарларга маълум ва машҳурдир.
Абдужалил боф. Ҳазрат Занги Ота равзаси жанубида, Фарак суви яқинида тўқсон икки машойихлардан бири бўлган Абдужалил бофнинг нурлари файзли бўлган қабри бор. Уларнинг қабридан то Ҳазрат Занги Отанинг равзаларигача ярим фарсаҳдир.

 

 

 

1 2

2-саҳифа
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
     
 

 

 
 
Copyright © 2005 haqiqat.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz