Зулфия Қодирова
Тошкент Ислом Университети 3-курс аспиранти

Илк мусулмон жамоаси(умма) га оид биринчи қонуний ҳужжат

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.Маккада ўн уч йил давомида мушрикларни тавҳидга даъват қилдилар. Лекин қурайш мушриклари уларга кўплаб жабр зулм ўтказишиб, ўлдиришга қасд қилганларида, Аллоҳ таъалодан уларга ҳижрат қилиш амр қилиниб, қуйидаги оят нозил бўлди:
«Айт: Парвардигорим! Мени ҳақ-рост йўл билан киритгин ва ҳақ-рост билан чиқаргин, ўз ҳузурингдан менга ҳокимият ва мадад ато қилгин». Пайғамбаримиз мелодий 622 йилда кам сонли маккалик мусулмонлар билан Ясрибга ҳижрат қилдилар. Кейинчалик айнан уларнинг ана шу ҳижратидан бошлаб янги ҳижрий йил ҳисоби жорий қилинди. Ясриб шаҳри Расулуллоҳ с.а.в келганларидан сўнг «пайғамбар шаҳри», «ал-Мадина», «Ал-мадинатул-Мунаввара» деб атала бошланди.
Пайғамбар бу шаҳарга муҳожирлар билан келганларида, бу ерлик мусулмонлар уларни яхши кутиб олишди. Булар аус ва хазраж қабиласидан бўлиб, ҳаж мавсумида Маккага боришганида, пайғамбаримизнинг даъватларини тинглаб мусулмон бўлишганди ва пайғамбар ҳижрат қилсалар Уларни ҳимоя қилишга ва Аллоҳ йўлида курашишга ваъда беришганди.
Ҳижратдан олдин Ясриб аҳолиси асосан яҳудийлар ва араблардан иборат эди. Яҳудийлар катта-катта гуруҳ бўлиб яшардилар. Ҳар бири икки мингдан ортиқ одамга эга бўлган учта яҳудий қабиласи қайнуқоъ, надийр ва қурайза деб аталарди.Улардан ташқари яна йигирмадан ортиқ яҳуд уруғлари ҳам мавжуд эди. Бу уруғларнинг энг йириклари :банул қасис, бану ноғиса, бану марид, бану муовия, бану мосика, бану муҳаммам, бану зауро, бану зайдул-лот, бану хажар, бану саълаба, бану шатиба, бану акрама, бану мароя, бану ауф, бану ҳадл. ва ҳоказо.
Ясрибнинг араб аҳолисига келсак, улар асосан иккита қабилани ташкил қилардилар: аус ва хазраж. Аус ва хазраж қабилалари ўз навбатида бештадан йирик ва бир қанча майда уруғларга бўлиниб, уларнинг умумий сони қирқтадан ортиб кетганди. Бундан ташқари Ясриб атрофларида бу икки қабила билан ҳомийлик асосида боғлиқ бўлган бир қанча майда араб уруғлари яшаган. Аус қабиласининг ўзи бешта йирик уруғдан иборат эди: Ауф бин Малик, Амр бин Малик(набитлар), Мурату бин Малик, Жушам бин Малик, Амрул қайс ибн Малик. Бу уруғлар ҳам яна майда уруғларга бўлиниб кетганди. Хазраж қабиласи ҳам бешта уруғдан: Амр ибн Хазраж, Ауф бин Хазраж, Жушам бин Хазраж, Каъб бин Хазраж, ал-Хорис бин Хазраж.
Биринчи навбатда Мадинага келган муҳожирларнинг яшашлари ва хавфсизликларини таъминлаш керак эди. Бунинг учун амалга оширилган энг муҳим иш-муҳожирлар ва ансорлар ўртасида биродарлик ришталарини ўрнатиш бўлди. Биродарлик ришталари арабларда қадимдан бор эди. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги биродарлик қон-қариндошликдан ҳам мустаҳкам эди. Чунки ансорлар маккалик биродарларига уйларидан жой бериб, молларини ҳам аямадилар. Ҳаттоки улар бир-бирларига мерос қолдиришлари ҳам мумкин эди.Бу ҳақда Қуръони каримда муайян оятлар мавжуд.
«Улардан( муҳожирлардан) илгари( Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар(ансор) эса ўзлари( ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар, ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб,(эҳсон қилишда ўзгаларни) ихтиёр қилурлар.» (Ҳашр 9-оят).
«Албатта имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида (душманга қарши) курашган ва (муҳожирларга) жой бериб ёрдам кўрсатган (мадиналик) ансорлар, айнан ўшалар бир-бирларига дўстдирлар.» (Анфол 72-оят).
Маккаликларнинг хавфсизлиги таъминлангач, пайғамбаримиз Мадинадаги умумий ҳаёт тарзини тартибга солиш ва қабилалар ўртасидаги, ҳамда қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйиш учун ички қонун яратиш зарур эканлигини англадилар. Қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш, қабилалар ўртасида барқарорлик ўрнатиш учун пайғамбар алайҳиссалом биринчи навбатда авс ва хазраж қабилалари ўртасидаги эски адоватларни йўқ қилиб, ўзаро сулҳ ўрнатдилар. Сўнгра араб ва яҳудий қабилалари ўртасидаги душманликни йўқотиш, Мадинани аҳоли учун хавфсиз жойга айлантириш мақсадида қурайшлик муҳожирлар, ансорлар ва яҳудийлар ўртасида ўзига хос аҳднома туздилар. Манбаларда сақланиб қолган бу аҳднома «ас-саҳифа» деган ном олди. У «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман. Бу Муҳаммад пайғамбарнинг қурайшлик ва ясриблик мўъминлар, мусулмонлар, уларга эргашувчилар ва улар билан бирга яшовчилар, улар билан бирга имон(дин) учун курашувчилар ўртасидаги ёзма аҳдномадир», деб бошланади. Унда қурайш муҳожирлари, хазражнинг , бану ауф, бану ал-ҳорис,(бин ҳазраж), бану саид, бану жушам, бану нажжор, бану амр бин ауф, бану ан-набит уруғлари, бану аус ва яҳуд қабилалари зикр этилади. Шартномага кўра ушбу қабилалар ислом келган пайтда қандай бўлсалар ўша ҳолатда- ўз динлари, одатлари ва қариндошлик муносабатларида қолишлари, асирлари билан ўзлари хоҳлагандек иш тутишлари, ва мўъминлар билан тенг бўлишиши кераклиги айтиб ўтилган ва улар бошқалардан алоҳида ҳолда бир уммат деб аталган. Шартномада яна қуйидаги шартлар ҳам ёзилганди: мўъминлар ўз ораларида ҳеч кимни қаровсиз қолдирмайди, бирорта мўъмин ўзидан бошқа мўъминнинг мавласи билан эгасининг розилигисиз ҳомийлик иттифоқини туза олмайди, ҳақиқий мўъминлар- улардан кимдир мўъминлар ўртасида бировни ҳақорат қилса, ноҳақлик, жиноят, босқинчилик ёки бузғунчилик қилса ва ҳаттоки, улардан бирининг ўғли бўлса-да унинг тарафини олмайди, мўъмин кофир туфайли бошқа мўъминни ўлдирмайди ва кофирга мўъминларга қарши чиқишида ёрдам бермайди. Бизга эргашувчи яҳудийларга ёрдам берилади ва зулм қилинмайди, уларга қарши чиқувчиларга ёрдам берилмайди. Биргаликда юришга чиққан қуролли гуруҳлар навбатма- навбат жангга кирадилар. Мўъминлар Аллоҳ йўлида тўкилган қон учун бир-бирлари учун қасос оладилар, лекин қасос йўлида қон тўкмасдан унинг ўрнига товон олиш маъқулроқ. Ҳали исломга кирмаган мадиналик қурайшийларнинг ўзини ҳам молини ҳам ҳимоя қилмайди ва улар туфайли мўъминларга қарши чиқмаслиги керак. Ушбу ҳужжатда кўрсатилган нарсаларни билган, Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган мўъмин шартларни бузган одамга ёрдам берса ёки уни яширса, Аллоҳнинг қаҳрига учрайди, унинг тавбаси қабул қилинмайди. Агар улар бирор нарсада келишолмай қолишса, Аллоҳга ва Муҳаммад с.а.в.га мурожаат қилишсин, деб қатъий таъкидланган.
«Ас-саҳифа»нинг асл ҳужжат эканлиги услуби ва семантик жиҳатларидан Қуръоннинг бир неча ояти билан ўз исботини топади:
«Одамларга чиқарилган ( маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз( эй мусулмонлар)Зеро сиз) амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» ( Оли имрон 110-оят)
« Ҳар ким гуноҳ (иш) қилса фақат ўзининг зарарига қилган бўлур» ( Нисо 111-оят)
« Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз: Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз- Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз уни Аллоҳга ва пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ иш(дир).» (Нисо 59-оят)
«Эй, мўъминлар, ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!» ( Бақара 208- оят)
Ушбу оятдаги «ёппасига итоатга киришингиз»
дегани тафсирларда сулҳга,ўзаро тинчликка киришинг, урушни тарк этинг маъносида берилади.
Муҳаммад с.а.в. ушбу шартнома орқали ислом жамияти қандай бўлиши, унда турли миллат ва дин вакиллари тенгликда яшаши мумкин эканлигини кўрсатиб берди. Рус шарқшунос олими О.Г Большаков бу шартномага пухта ўйланган, теран фикрловчи сиёсий арбоб томонидан тузилган ҳужжат деб баҳо беради. Шунингдек, умумий жиҳатдан у биринчи навбатда Муҳаммадга тегишли, у янги жамият тузишга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошган ва бу Муҳаммаднинг сиёсий ва дипломатик билимдонлигидан (иқтидоридан) далолатдир деб, шартномада янги жамиятнинг барча аъзоларини ҳимоя қилиш учун керак бўлган ҳамма нарсалар ҳисобга олинганлигини таъкидлайди. Баъзи ғарб ва шарқ олимлари эса ушбу «Ас-саҳифа» шартномасини «Мадина конституцияси» деб ҳам эътироф этишади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Мадинада пайғамбаримиз фақатгина динга даъват қилиб қолмасдан, янги ислом жамиятини тузиб унинг қандай кўринишда бўлишини белгилаб берганлар. Бунинг билан ўзлари даъват қилаётган дин «тинчлик» дини эканлигини ҳамда ягона Аллоҳга имон келтирганлар бир уммат эканлигини исботлаганлар.

------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Султонов Ўктамбек Абдулғаниевич
ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти аспиранти

«Тарихи жадидаи Тошканд» асарида Тошкент дарвозалари тўғрисидаги маълумотлар

Тошкент қадимдан Ўрта Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган шаҳарлардан биридир. Шаҳарнинг ўтмиши Чоч, Шош, Бинкент каби номлар билан боғлиқ бўлиб, унинг қадимги ва ўрта асрлардаги тарихи археологик топилмалар ҳамда ёзма манбалар асосида бирмунча чуқур ўрганилган.
Биз ушбу мақолада асосий масалани Муҳаммад Солиҳхожанинг «Тарихи жадидаи Тошканд»( XIX аср) асарида келтирилган Тошкент дарвозалари тўғрисидаги айрим маълумотлар хусусида фикр юритмоқчимиз. Бу маълумотлар айрим адабиётларда келтирилган бўлсада кенгроқ ўрганиб таҳлил қилинмаган.
Аввало шаҳарнинг деворлари ва дарвозалари ҳақида тўхталсак, араб муаррихлари Истахрий( IX аср) ва Ибн Хавқал( X аср) шаҳарнинг қалъа, шаҳристон ҳамда ички ва ташқи рабоддан иборат бўлганлигини ёзади. Жумладан, Истахрий Тошкент шаҳристонининг уч дарвозасини – Абул Аббос, Қаср, Гунбаз, ички рабоднинг ўн дарвозасини – Хамдон, Оҳанин, Мир, Фарқон, Кад, Карманж, Куйи Саҳл, Рашидижак, Куйи Ҳоқон, Кўшки Деҳқон; ва ташқи рабоднинг етти дарвозасини – Фаргад, Хишкат, Сандижак, Оҳанин, Бакрдижак, Сакрак, Бафаряд ҳақида маълумот беради.
Лекин кейинги XI - XIV аср манбаларида Тошкент дарвозалари тўғрисида аниқроқ маълумотлар учрамайди. Амир Темур ва темурийлар даврининг асосий манбалари Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» ва Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарларида Тошкент сиёсий воқеаларда кўп бор тилга олинсада, бироқ шаҳарнинг ўша даврдаги дарвозалари тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Жумладан, «Зафарнома» асарида Тўғлуқ Темурхоннинг Мовароуннаҳрга юриши даврида Тошкент ҳисори тилга олинади холос.
Кейинги йилларда чоп этилган айрим тадқиқотлардаги маълумотларга қараганда Амир Темур даврида Тошкент дарвозалари бешта бўлиб, улардан бирининг номи «Турк» дарвозаси деб аталганлиги таъкидлансада, унинг манбаси аниқ келтирилмайди.
XVI - XVII асрларда Марказий Осиёда кечган мураккаб сиёсий воқеалар Тошкент тарихига ҳам дахлдор бўлган. Албатта ўша даврда ҳам Тошкент ўзининг мустаҳкам мудофаа деворига ва дарвозаларига эга эди. Бундан ташқари XVI асрда шаҳарда савдонинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда Регистон майдонида янги Регистон дарвозаси (ёки Янги дарвоза) бунёд бўлган. Бу даврга оид Тошкент дарвозалари тўғрисидаги айрим маълумотлари Хофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» асарида учрайди.
В.В Бартольд ўз тадқиқотида «Абдулланома» асари асосида XVI аср учун Тошкент шаҳрининг тўрт дарвозасини(Кўкча, Самарқанд, Регистон ва Паркент) қайд этган эди. Бироқ, асардаги маълумотларни ўрганганимизда Хофиз Таниш Бухорий 1580 йил Тошкентнинг Абдуллахон томонидин қамал қилинишини тавсифлар экан, шаҳарнинг олти дарвозасини, Регистон, Самарқанд, Шибли, Кўкча, Фаркат дарвозалари билан бир қаторда янги қурилган Туркистон дарвозасини ҳам тилга олганлиги маълум бўлди. Шу сабабли бўлса керак тадқиқотчилардан М.Е Масон ва Ю.Соколов XVII - XVIII аср охирларида Тошкент дарвозалари 5-6 тадан ошмаган деб таъкидлайди.
Муҳаммад Солиҳхожа эса ўзининг «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида Тошкентнинг XIV асрдаёқ 12 дарвозаси бўлганлигини айтиб уларни Амир Темур номи билан боғлайди ва дарвоза номлари этимологиясини изоҳлашга ҳаракат қилади. Асарда Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши ҳамда Мовароуннаҳр ва Хуросонда темурийлар ҳукмронлиги даври олдинги муаррихларнинг асарлари асосида бирмунча қисқа ёритилган. Дарвозалар тўғрисидаги маълумотлар эса асарнинг икки жойида келтирилади.
Биринчи бор, муаллифнинг бир рус зиёлиси билан Тошкент шаҳри тарихи ва аҳолиси тўғрисида суҳбати чоғида;
Иккинчи бор, асарнинг Тошкент шаҳри тарихига бағишланган қисмида келтирилади.
Иккала ҳолатда келтирилган дарвозаларнинг номини қиёслаганда улар ўртасида фарқ мавжудлиги маълум бўлади. Жумладан, биринчи бор тилга олинган Найман, Дуғлот ва Арғин номлари кейинги рўйхатда келтирилмайди. Уларнинг ўрнида Ўзбек, Қанғли, Қатағон номлари учрайди. Шунингдек, Камолон-Камондарон, Суъбаниён-Суғбониён шаклида келади.
Муаллифнинг ёзишича Амир Темур Тошкентни қаттиқ жанглардан сўнг иккинчи бор қўлга киритганда унинг 12 дарвозасини қабила ва уруғ сардорлари назоратига топширган.аМуаллиф уларни қуйидагича изоҳлайди:

• Қиёт дарвозаси –шарқда, Қиёт қабиласи номидан;
• Турк дарвозаси –Турк қабиласи номидан;
• Ўзбек дарвозаси – Ўзбек қабиласа номидан;
• Тахтапули дарвозаси –шаҳарлар онаси-Макка шаҳридан;
• Қаросарой дарвозаси -Қорасарой қабиласи номидан;
• Чиғатой дарвозаси –Чиғатой қабиласи номидан;
• Суъбониён дарвозаси;
• Кўкча дарвозаси –Кўкча тоифаси номидан;
• Камондарон дарвозаси – бузуқ жамоа қабиласи номидан;
• Қанғли дарвозаси -Қанғли қабиласи номидан;
• Бешоғоч дарвозаси –Бешоғоч қабиласи номидан;
• Қатаған дарвозаси - Қатаған қабиласи номидан.

Муҳаммад Солиҳхожанинг ёзишича бу даврда шаҳар қалъаси ҳокрези 20 газ шаръий, унинг кунгиралари 4 газ бўлиб, ҳар 1000 қадамда биттадан шинак(бору) ва ҳар 4000 қадамда биттадан бурж бўлган. Бу ҳолат Амир Темур давридан то Бароқхон(1525-1556), Дарвишхон(1556-1578) ва Абдуллахон (1557-1599) давригача сақланган.
Бу ўринда Муҳаммад Солиҳхожанинг ушбу маълумотларни қайси манбадан олган деган савол туғилади. Муаллиф ўз асарида Амир Темур ва темурийлар даврини ёритишда асосан Али Яздийнинг «Зафарнома» ва Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарларидан фойдаланган. Бироқ, юқорида таъкидланганидек уларда бу каби маълумотлар келтирилмайди.
Умуман олганда Тошкент дарвозаларига оид маълумотлар сақланган асарлар жуда ҳам кам. Ҳозирча Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» асарида шаҳар дарвозалари хусусида Муҳаммад Солиҳхожа маълумотларига мазмунан яқинроқ маълумотлар борлиги маълум. Ушбу асарда келтирилишича Абдуллахон даврида ҳам ҳар бир дарвоза ва бурж мудофаасига шаҳар, маҳалла ва жамоа(қабила) тайин қилингани қайд этилган.
Тошкент дарвозаларининг кўпроқ уруғ-қабила номлари билан номланишига келсак, бу ҳолат фақат Тошкент дарвозалари учун хос деб айтиш мумкин. Ўрта Осиёдаги бошқа йирик шаҳарлар Бухоро, Самарқанд, Қўқон каби шаҳарларда эса бундай боғлиқлик кузатилмайди.
Эҳтимол бунинг сабаби XVIII асрдаги мураккаб сиёсий жараёнлар билан боғлиқдир. Манбалардаги маълумотларга қараганда бу даврда қозоқ, қорақалпоқ уруғлари ва Тошкент атрофидаги яшовчи кўчманчи қабилалар қалмоқлар хужуми пайтида Тошкент деворлари остидан нажот топганлар. Қалмоқларнинг Тошкентга қилган хужумлари вақтида эса ушбу қабиларлар тошкентликлар билан бир қаторда шаҳар мудофаасида қатнашганлар.
Айрим манбалар XVIII аср давомида Тошкент шаҳрида Тошкент воҳасидаги кўчманчи қабилалар ва уруғларнинг келиб жойлашиши давом этганини кўрсатади.
Жумладан, “Анжум ат-таворих” асаридаги маълумотларга қараганда ўрта жуз хони Аблайхон(1771-1784) Тошкентни қалмоқ ноиблари бошқарувидан тортиб олгач шаҳарнинг тўрт даҳасини ўзига яқин уруғларга топширган. Жумладан, Бешёғоч шайхим тоифасига, Кўкча қўнғирот ва ўрта юз жамоасига, Себзор чиниш фирқасига, Шайхонтаҳур сергили, эли ва учоқли тоифасига берилган.
XVIII аср охирида Тошкентни ўз қўли остида бирлаштирган Юнусхўжа(1794-1810) ҳам дастлаб рақибларига қарши курашда санжақли, қирқ, қиёт, турк, қанғли қабилалари билан битим тузиб уларнинг ёрдамидан фойдаланган. Тошкентни бирлаштиргач ушбу қабилаларга Тошкент теварагидан ерлар берган. Ушбу асарда келтирилишича Юнусхўжа билан битим тузган қабилаларнинг аксарияти унинг муридига айланиб, тўп тўп бўлиб шаҳар ичига кўчиб ўта бошлаганлар. Шаҳар ичида эса уруғ қабила номи билан юритилувчи маҳалла ва мавэелар ҳам анчагина бўлган.

Кейинги даврга келиб дарвоза номларининг ўзгариши эса XVIII аср охири XIX аср 1-ярмида шаҳар мудофаа деворларининг таъмирланиши билан боғлиқ. Муҳаммад Солиҳхожанинг ёзишича шаҳар девори Амир Темурдан сўнг Юнусхўжа ва Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбеги( XIX аср 1-ярми) томонидан қайта таъмирланган. Таъмирланган ва унга ўрнатилган дарвозалар шаҳар йўналиши ва томони, географик ўрни ва бошқа сабабларга кўра номлана бошланди. Масалан, Самарқанд, Қўқон, Хитой, Оққўрғон; Хиёбон –кўкаламзор; Қирилмос – тепалик(талли); Қашқар - қашқарликлар келиб ўрнашган жой ва ҳакозо. Шу сабабли дарвозалар сони ва номи XVIII - XIX аср маҳаллий ахборотчилар, рус сайёҳлари ва тадқиқотчилари томонидан ҳар хил келтирилади. Жумладан, 1735 йил Уфада бўлган тошкентлик савдогар Н.Алимов маълумотида 32та, К.Миллерда(1738-1739йй.) 8та, Ш.Арслоновда 12та (1741й.), Т.Бурнашев ва М.Поспеловда 6та (1800й.), Ф.Назаровда 12та(1813-1814йй.), Ю.Скайларда 12та (11873й.), Н.Маевда 12та (1876й.), А.К.Гейнсда 12та (1898й.), турли номдаги дарвозалар учрайди. М.А.Терентьев эса Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олинишига доир харитасида шаҳарнинг 13та дарвозасини жумладан, Қўқон, Лабзак, Тахтапул, Тешик Қофқа, Сағбон, Қорақозоқ(Қорасорой), Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешеёғоч, Қолмас (Қирилмос) дарвозаларини келтирган. 1890 йилга мансуб архив ҳужжатларида ҳам Тошкент дарвозалари тўғрисида деярли шундай маълумотлар учрайди.
Муҳаммад Солиҳхожанинг ўзи ҳам асарнинг турли жойларида Бешёғоч, Қанғли, Хиёбон, Самарқанд, Кўкча, Чиғотой, Сағбон(Суъбониён), Қорасарой, Тешик қофқа, Дарвишак қофқа, Тахтапул, Ўзбек(Ўзбекон), Лабзак, Оққўрғон, Турк, Қатағон, Найман, Дуғлот, Арғин, Хитой, Қўқон, Паркент(Фаркат), Қиёт, Қўймас кенагас, Қирилмос, Эски Шердор, Масдуд каби йигирмадан ортиқ дарвоза номларини тилга олади.
Асарда келтирилган Найман, Дуғлат ва Арғин дарвоза номлари фақат бир жойда яъни, дарвозаларнинг биринчи рўйхатида учрайди. Лабзак дарвозаси эса энг кам тилга олинган дарвоза бўлиб, 1809 йил Сандуқлик мавзеида, Юнусхўжанинг ўғли Султонхўжанинг Олимхон қўшинлари билан жанг қилиш учун Лабзак дарвозасидан ўтганлиги тилга олинади.
Муҳаммад Солиҳхожанинг ёзишича Шердор дарвозаси аҳоли томонидан «Масдуд» ёки «дарвоза-и масдуд-и Шердор» деб ҳам аталган. Тадқиқотчиларнинг фикрича шаҳар дарвозаларининг барчаси ҳам катта дарвозалар бўлмаган. Уларнинг айримлари шаҳарга кириш учун очилган кичик кириш йўллари бўлиб, улар вақти вақти билан ёпилиб турган (масалан, Дарвишак қофқа, Тешик қофқа). Эски Шердор дарвозаси ҳам воқеалар тилга олинаётган даврда беркитилган шундай кичик кириш йўлларидан бири бўлиб, «масдуд» сўзи «беркитилган», «ёпиб ташланган» деган маънони билдиради. Бу дарвоза Қирилмос дарвозасига яқин ерда жойлашган бўлиб, муаллифнинг ёзишича, Тошкент мудофааси пайтида Қирилмос дарвозасидан кириб келган рус аскарлари Эски Шердор дарвозаси ёнида турган Муҳаммад Солиҳхожа ва унинг дўстларини кўриб, уларга қарата ўқ узганлар.

Булар орасида Қўқон, Хиёбон, Қирилмос, Бешёғоч ва Кўкча дарвозалари Тошкентнинг Россия империяси истилоси даврида энг кўп тилга олинади. Муҳаммад Солиҳхожанинг ёзишича Хиёбон ва Қирилмос дарвозасида рус пиёда аскарлари, Кўкча дарвозасидан эса рус отлиқ аскарлари бостириб кирган.
Шуни таъкидлаш керакки, Муҳаммад Солиҳхожа келтирган изоҳлар орқали Амир Темур давридаги дарвозаларнинг кейинги даврда қайси дарвозаларга тўғри келишини кўриш мумкин. Масалан, Қиёт кейинчалик Қўқон дарвоза деб аталган. Муаллифнинг ёзишича бу дарвоза қадимда Паркент(Фаркат) дарвозаси дейилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича бу ном Истахрий келтирган рўйхатда “Фаргад” кўринишида учрайди. Шунингдек, Ўзбек дарвозаси – Лабзак; Турк дарвозаси – Оққўрғон, Хитой, Қашқар; Қатағон - Қўймас-кенагас, Қирилмос; Комондарон – Хиёбон, Камолон дарвозасига тўғри келади.
Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Муҳаммад Солиҳхожанинг Тошкентнинг Амир Темур давридаги дарвозалари тўрисидаги маълумотларининг манбаси аниқ бўлмасада Тошкент дарвозалари тарихини ўрганишда асосий ёзма манбалардан биридир.
Бу ўринда айтиш мумкинки, муаллифнинг шаҳар дарвозалари тўғрисидаги маълумотлари тўлиқ ҳолда шаклланмаган, шаҳар атрофида яшовчи ярим кўманчи уруғ-қабила вакиллари оғзида узуқ-юлуқ сақланиб қолган нақл ёки ҳикоя бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар Муҳаммад Солиҳхожанинг асосий мақсади унинг ўзи таъкидлаганидек, шаҳарлар тарихига бағишланган «Тарихи Бухоро», «Қандия», «Китоби Муллазода», «Самария» асарлари сингари алоҳида Тошкент тарихига бағишланган асар ёзиш бўлганлигини эътиборга олсак, муаллифнинг аҳоли оғзида юрувчи нақл ва ривоятларни ҳам назардан қочирмаган, деб айтиш мумкин. Муҳаммад Солиҳхожанинг ўз асарини ёзиш жараёнида, Тошкент шаҳри ва вилоятини кезиб, Тошкентнинг географияси, топографияси, иқлими, аҳолининг кўриниши, хўжалиги ва турмуш тарзини чуқур ўрганганлиги ҳам буни тасдиқлайди. Бундан ташқари муаллифнинг ўзи ҳам тарихий асарлар ва маноқиблардан ташқари афсона ва ривоят, нақл ва қиссалардан фойдаланганлигини таъкидлайди.
Албатта ушбу мавзуни лингвистик ва фольклоршунослик нуқтаи назаридан чуқурроқ ўрганиш масалани янада ойдинлаштиради.

------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

1-саҳифа
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
     
 

 

 
 
Copyright © 2005 haqiqat.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz