1-саҳифа
КАРДИС СУЛҲ ШАРНОМАСИ

Россия билан Швеция ўртасида тузилган шартнома. 1661 йил 21 июнда Юрьев (Тарту) шаҳри ёнидаги Кардис деган жойда имзоланган. Кардис сулҳ шарномасига биноан, Россия Болтиқ бўйидан 1658 йили қўшиб олган ерларини Швецияга қайтариб берди. Швеция эса Польшанинг Россияга қарши урушида Польшага ёрдам бермаслик мажбуриятини олди. Кардис сулҳ шартномаси Россиянинг Польшага қарши Украина ва Белоруссия учун олиб бораётган урушини енгиллаштирди.

КОНСТАНТИНОПОЛЬ ШАРТНОМАЛАРИ

1. Россия билан Туркия ўртасида Карловицкий конгрессида эришилган сулҳга кўра, 1700 йил 13 июлда тузилган шартнома. Англия ҳамда Голландия бу музокараларни бузишга уриниб, Россиянинг Швецияга қарши уруш очиш ва Болтиқ денгизига чиқиш режаларини барбод қилмоқчи бўлдилар. Австрия ҳам Россия билан Туркия ўртасидаги урушнинг давом этишидан манфаатдор эди, чунки у Англия ва Голландия билан Франция ўртасида бошланадиган урушда иштирок этишни мўлжаллар ва бунга Туркиянинг тўсқинлик қилишидан чўчир эди. Рус дипломатлари Туркия билан сулҳ шартномасини имзолашга муваффақат бўлдилар. Шартномага кўра, Азов денгизи ва унинг атрофидаги ерлар Россияда қолидирилди. Россия Қрим хонига тўлайдиган йиллик тўловлардан озод этилди. Туркия эса Россия қайтариб берган Днепр атрофидаги истеҳкомларини бузиб ташлаш мажбуриятини олди.
2. Россия билан Туркия ўртасида 1877-78 йиллардаги рус-турк урушидан сўнг 1879 йил 27 январ (8 февралда) Константинополда имзоланган сулҳ шартномаси. Бу шартнома ҳар иккала давлат ўртасида тузилган, Берлин битимида ўзгаришсиз қабул қилинган Сан-Стефан шартномасини янада мустаҳкамлади. Унда Россияга бериладиган “ҳарбий мукофот” ва уруш вақтида рус фуқоролари кўрган зарар учун тўлов миқдори белгиланди. Шунингдек, турк ҳукмронлигига қарши Болқон халқлари озодлик ҳаракати қатнашчиларига умумий авф бериш ҳақидаги махсус модда критилди ва Туркиядаги Россия фуқороларига тааллуқли бўлган ҳамма эски шартнома ва битимлар ушбу (1878 йилги) шартномада қайтадан тасдиқланди.

КУЧУК-ҚАЙНАРЖА СУЛҲ ШАРТНОМАСИ

Россия-Туркия уруши (1768-74 й.) Россия ғалабаси билан тугагач, икки ўртада тузилган шартнома. 1774 йил 10(21) июлда Кучук-Қайнаржа қишлоғида имзоланган. Шартнома Россиянинг Шимоли-Ғарбий Кавказдаги чегарасини Кубань дарёсидан деб белгиланди; Усмонли Турк империясидан Қрим хонлигини ажратишни, рус савдо кемалари учун Қора денгизда эркин сузиш ва унинг бўғозларини очиб қўйишни кўзда тутди; Керчь, Ениқальа ва Кинбурун қальалари Россияга ўтди; Молдова ва Валахия князларига автономия берилди ва Россия ҳомийлигига ўтказилди.

КЯХТА ШАРНОМАСИ

Россия ва Хитой ўртасидаги чегара ва савдо муносабатлари юзасидан тузилган шартнома. 1727 йил 21 октябрда Кяхта шаҳрида имзоланган. Кяхта шартномаси Буринск шартномасида қайд этилган рус-хитой чегарасини қатьий қилиб белгилади; рус-хитой савдо муносабатлари тартибини ўрнатди; Пекинда доимий рус руҳоний элчиси (вакили) бўлишини юридик жиҳатдан расмийлаштирди. Чегаралардаги жанжалли масалаларни ҳал қилиш ҳар икки томоннинг жойлардаги чегара маъмуриятига топширилди. Кяхта шартномаси 19-асрнинг ўрталаригача Россия ва Хитой муносабатларида қонуний асос бўлиб хизмат қилди.

ЛОЗАННА СУЛҲ ШАРТНОМАСИ

1923 йил 24 июлда Лозанна конференциясида Англия, Франция, Италия, Япония, Греция, Руминия, Югославия давлатлари билан Туркия ўртасида имзоланган битим. Битимга мувофиқ Туркия билан Антанта давлатлари ўртасидаги уруш барҳам берилди. Туркиянинг янги чегараси белгиланди, Усмонли турк империясининг парчаланганлиги юридик жиҳатдан расмийлаштирилди. Туркия ва Ироқ ўртасидаги чегарани белгилаш Англия билан Туркияга ҳавола қилинди. Шунингдек, Мармар денгизида, Дарданелл ва Босфор бўғозларида кемалар тинчлик ва уруш пайтларида эркин қатнаши қайд қилинди. Лозанна сулҳ шартномаси Туркияда капитулияциялар режимини, Туркия устидан халқаро молия назоратини бекор қилди. Туркия қатор қийинчиликка дуч келсада, империалистларнинг 1920 йилги Севр сулҳ шартномасидан воз кечиши, Туркия мустақиллигининг тан олиниши унинг муҳим ғалабаси бўлди. 1923 йил 23 августда Туркия Лозанна сулҳ шартномасини ратификация қилиши натижасида Антанта ўз қуролли кучларини Истамдулдан олиб чиқиб кетди.

МОСКВА ШАРТНОМАСИ

Москва шартномаси-атмосферада, космик фазода ва сув остида ядро қуроли синовини таъқиқлаш ҳақида собиқ иттифоқ, АҚШ ва Буюк Британия вакиллари томонидан 1963 йил 5 августда Москвада имзоланган шартнома. Ушбу шартнома 1963 йил 19 октябрдан кучга кирган. Шартноманинг имзоланиши мазкур давлатлар ўртасида собиқ иттифоқ ташаббуси билан 1958 йил Женевада бошланган 6 йиллик музокаралар якуни бўлди.

МЮНХЕН БИТИМИ

Чехославакияни парчалаб ташлаш тўғрисидаги битим. Буюк Британия (Н.Чемберлен), Франция (Э.Даладье), Германия (А.Гитлер) ва Италия (Б.Муссолини) ҳукумат бошлиқлари томонидан 1938 йил 29 сентябрда Мюнхенда имзоланган.

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
1 2
 
 

 

 
 
Copyright © 2005 sof-olam.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz