XXI асрдаги Қуёшнинг биринчи тўла тутилиши

2006 йилнинг 29 мартида табиатнинг ажойиб ҳодисаларидан бири - Қуёшнинг тўла тутилиши рўй беради. У сайёрамизнинг шимолий ярим шарида XXI асрда содир бўладиган биринчи тўла тутилишдир. Қуёш нима сабабдан тутилади? Маълумки, Ой ўз орбитасида ҳаракатланаётиб, маълум пайтларда Ер ва Қуёш оралиғидан ўтади, баъзида Қуёш юзасини тўсиб қўяди. Бунинг натижасида, Ойнинг, тахминан, 200 километрлик сояси Ер сиртига тушади.

Соя ғарбдан шарққа қараб ҳаракатланиб, Ер сиртида «белбоғ» чиза бошлайди. Ана шу белбоғ ичидагилар учун Қуёшнинг тўла тутилиши кузатилади. Тутилиш белбоғининг икки томонида жойлашган 3000 километргача бўлган ҳудудларда Қуёшнинг қисман тутилиши кузатилади. Қуёшнинг 29 мартдаги мазкур тўла тутилиши дунё вақти билан соат 8 дан 36 минут (Тошкент вақти билан соат 13 дан 36 минут) ўтганда Бразилиянинг шарқий қирроқларидан бошланади. Қуёш тўла тутилишининг минтақаси Атлантика океани орқали Шимолий Африкага кириб келади.

Тўла тутилишнинг ўртаси соат 10 дан 11 минут ўтганда Ливия ва Чад чегараларида содир бўлади. Шундан сўнг соя Ўрта денгиз ва Туркияни кесиб ўтиб, Қора денгиз ва Каспий денгизи шимолига кириб келади ва Астраханни ялаб ўтиб Қозоғистон худудидан ўта бошлайди. Тутилиш Қозоғистондан ўтиб бўлгач Жанубий Сибирь, Олтой ўлкаси ва Тува худудларидан ўтади. Ва ниҳоят, тутилиш Монголия чегарасидан ўтиб, соат 11 дан 46 минут ўтганда Байкал кўлигача 280 километр масофа қолганда тугайди.

Тутилиш фазаси тўла тутилиш минтақасининг ҳар хил қисмларида турлича бўлиб, унинг энг катта давомийлиги 4 минуту 11 секундгача боради. Ўша куни Ўзбекистонда Қуёшнинг қисман тутилиши кузатилади. Қисман тутилиш соат 15 дан 37 минут ўтганда бошланиб, соат 17 дан 42 минут ўтганда тугайди. Тутилишнинг энг катта фазаси соат 16 дан 42 минут ўтганга тўғри келиб, бу пайтда Қуёш гардишининг 70 фоизи Ой билан тўсилади. Қуёш тутилишини кузатиш пайтида бир томони тутунда қорайтирилган шишадан фойдаланиш керак. Акс холда кўзга жиддий шикаст етиши мумкин.


......................Собит Илёсов. ЎзР ФА Астрономия институти.
_______________________________________________________Фан ва турмуш, 2005 йил , 4-5 сони

1 2

1-саҳифа
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
     
 

 

 
 
Copyright © 2005 sof-olam.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz