ррпарапрпппп
 

 

 

ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАР


АСАЛ

Асал таркибида глюкоза бўлиб, глюкозанинг 35 фоизини сахароза ташкил этади. Сахароза моддаси юрак дардини енгиллаштиради. Асалдаги глюкоза қонга тез сўрилади, юрак мускуллари ва нерв толалари учун қувват манбаи бўлиб хизмат қилади. Юрак хасталанганда вена ва артериал қон айланишида ритм бузилади, модда алмашинуви издан чиқиб, организмда заҳарли моддалар йиғила бошлайди. Асал юракнинг тож-томирларини кенгайтиради ва қон айланишини яхшилайди. Барча юрак хасталиклари учун асал кони фойдадир. Беморларга асал қўшиб қайнатилган сувга буғланиш (ингаляция) ва икки ой давомида кунига 150 граммдан асал еб туриш тавсия этилади. Юраги безовта қилаётган беморлар юқоридаги муолажани қабул қилгач, юрак фаолияти яхшиланиб, қон босими мўътадиллашгани кузатилган. Юрак атрофидаги оғриқлар камайган, маромида ухлаб, чарчоқлари тарқаган. Кайфиятлари кўтарилиб, ҳаётга қизиқишлари ортган. Асал қон босими бор беморларга ҳам ижобий таъсир қилади. Асалнинг таркибидаги ацетильхолин моддаси юқори қон босимини пасайтиради. Асалдан фақат тиббиётда эмас, уй шароитида фойдаланиш ҳам яхши натижа беради.
250 гр. асал, шунча сабзи шарбати, хантал шарбати ва 3 дона лимон шарбатини эмалланган идишга солиб, ёғоч қошиқ билан яхшилаб аралаштирилади. Аралашмани шиша банкага солиб қопқоғи маҳкам ёпилади. Салқин жойда асралади. Бундай шифобахш аралашма кун давомида 3 маҳал 1 чойқошиқдан овқатланиш аввалида ёки овқатланиб бўлгач 2-3 соатдан сўнг ичилади. Даволаниш муддати 2 ой.
Асал юрак асорати туфайли пайдо бўлган шишлардан халос бўлишда ҳам катта ёрдам беради. У юрак мускулларини мустаҳкамлаш баробарида буйрак каналларининг йўлларини очиб пешобни равонлаштиради. Халқ табобати билимдонлари юраги безовта қилаётган беморларга асалари сути ёки гулчангдан фойдаланишни ҳам маслаҳат берадилар. Асал фақат беморлар учун эмас, соғлом одамлар учун ҳам ҳаётий зарурат ҳисобланади. Ҳар куни эрталаб тоза асални қайнаган сувга солиб, тиндириб ичиб турса, кўпгина кўнгилсизликлардан асрайди.

ЎРИКНИНГ ХОСИЯТИ

Улуғ табиб Абу Али ибн Сино ўрик меваси ва елимидан ошқозон-ичак фаолиятини яхшилашда фойдаланган.
Меваси кишига дармон бағишлайди, камқонликка даводир. Таркибидаги калий тузлари юрак-қон томир системаси касалликлари билан оғриган беморларга шифо беради. Ўрик мағзидан дамланган чой хафақонга тавсия қилинади. Нафас йўллари яллиғланиши, кўкйўтал, нефрит касаллигини тузатишда ҳам мағзи фойдалидир.

БОЙИТИЛГАН УННИНГ ФОЙДАСИ...

Анемия ёки бошқача айтганда камқонлик, инсон организмида темир моддасининг танқислиги туфайли юзага келадиган касалликдир. Анемиядан азият чекадиган болалар одатда жисмоний ва ақлий ривожланиш борасида ўз тенгқурларидан орқада қоладилар, улар тез-тез хасталаниб туришлари мумкин. Бу уларнинг дарсларини ўзлаштиришига таъсир қилади. Камқон беморлар тез толиқиб қоладилар. Агар аёл киши ҳомиладорлик пайтида анемия дардига чалинса фарзанди нимжон туғилади. Бу эса кичкинтой ҳаёти учун хатарлидир.
Чой, қаҳва ва сут овқатдаги темир моддасининг 70-100 фоизини ўзлаштиришга тўсқинлик қилади, шунинг учун овқат пайтида ёки овқатдан сўнг шу заҳоти чой ичманг, 30 дақиқа кутиб туринг. Чой ўрнини шарбат, компот, қайнатилган сув ёки маъданли сув босиши мумкин.
Камқонликнинг олдини олиш учун бойитилган ундан тайёрланган нонни истеъмол этиш лозим. Йўқ, бу сиз ўйлаган гўштли ёки ичига жизза солинган (ёғли патир) нон эмас. Бу махсус ундан қилинган нондир. Сизнинг саломатлигингизни кўзлаб мутахассислар унга дармондорилар, темир моддаси, фолий кислотаси ва бошқа моддалар ҳам қўшадилар. Аслида мана шуларнинг ҳаммаси буғдойда мавжуд бўлади, Бироқ унга ишлов бериш чоғида фойдали моддаларнинг кўп қисми йўқолиб кетади. Айнан шунинг учун қам аёллар соғ-саломат бўлишлари учун ушбу моддаларни унга қайтариш жуда муҳим ҳисобланади. Хўш, бу қандай қилинади? Ун ишлаб чиқариш корхонаси (тегирмон)да дармон-дорилар ва темир моддаси аралашмаси ун ишлаб чиқаришнинг якуний босқичида қўшилади ва ҳатто бир сиқим унда ҳам барча керакли моддалар мавжуд бўлиши учун яхшилаб аралаштирилади.
Бойитилган ундан қилинган нон ва мақсулотлар уларни тайёрлаш жараёнида ўз хусусиятларини йўқотмайди ва шунингдек, уларнинг таъмида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди.
Нега айтайлик, гуруч, ёки картошка эмас, айнан, ун бойитилади? Гап шундаки, нонни биз ҳар куни истеъмол қиламиз, демак, витаминлар ва темир моддаси организмга ҳар куни етарли миқдорда тушади.

ХУРМО - ДАРДИНГИЗГА ДАВО

Хурмонинг асл ватани Хитой ҳисобланади. Кейинчалик хурмо Японияга ҳам келтирилиб, олимлар томонидан маҳаллийлаштирилган.
ХХ аср бошларидан хурмо Ўзбекистоннинг иссиқ минтақаси бўлган Сурхондарё вилоятида ўстириб келинмоқда. Бироқ, кейинги чорак асрдан буён хурмо Фарғона водийсида, Самарқанд, Тошкент вилоятларида, ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам етиштириляпти.
Унинг «Шоколад», «Томопан», «Президент» каби навлари бор.
Мевасининг бир донаси 500-550 граммгача тош босади. Таркибида 25 фоизгача қанд, пектин моддалар, ёғ, С, В1, В2, РР дармондорилар, каротин, минерал тузлар бор. Етилиб пишган меваларида ошловчи моддалар мавжуд.
Халқ табобатида пишган хурмодан олиниб қуйилтирилган шарбат хафақонликда, кам қувватликда, қон қусишда истеъмол қилинади. Бўқоқ хасталигига ҳам даводир. Ундан қиём, повидло, компотлар тайёрлаб, камқон болалар ва катталарга берилса кони фойдадир.
Илмий тиббиётда хурмодан меъда-ичак касалликлари, фурункулёзли жароқатларни даволашда фойдаланилади.
Хурмони қандли диабет, қон босими бўлган беморлар истеъмол қилмаганликлари маъқул.

БЕҲИНИНГ ХОСИЯТЛАРИ

Жуда ҳам камайган иштаҳани кучайтириш учун беҳидан шароб тайёрланади. Беҳи шарбати меъдани кучайтиради ва балғам қусишни тўхтатади.
Беҳи уруғи томоқ қирилишида фойда қилади ва ўпка найини юмшатади.
Чўққа кўмилган беҳи енгилроқ ва фойдалироқ бўлади. Уни шундай қилиб пиширилади: ичини ковлаб уруғи чиқариб ташланади ва ичига асал солиб, устини лойлаб қўрга кўмилади.


ПОМИДОР

Таркибида 4 фоиз қанд, шунингдек, органик кислоталар, калий, натрий тузлари, 11-28 мг витамин С, каротин, оқсил, ёғ ва бошқа зарур моддалар бор.
Юрак хасталиклари, меъда-ичак фаолиятининг бузилишини даволашда етилиб пишган помидор ва унинг шарбатидан истеъмол қилиш жуда фойдали. Помидорда кучли таъсирга эга бўлган фитоцидлар борлиги боис, ундан жароҳатларни тузатишда фойдаланинг. Яъни фасод бойлаган яралар устига қип-қизил помидорни эзиб қўйсангиз жароҳат тезда тузалади.
Уй шароитида янги узилган помидордан ҳар хил салатлар тайёрланади, шарбати эса чанқоқни қондириб, турли дардларга даво ҳам бўлади.

ҚОВУН

Қовуннинг кимёвий таркибида қанд ( сахароза, фруктоза, глюкоза), клетчатка, гемицеллюлоза, крахмал, пектин моддалари, органик кислоталар (лимон, оксалат, олма кислоталари), турли витаминлар: С, каротин, В6, В15, В1, Е, макро ва микроунсурлар: магний, фосфор, олтингугурт, хлор, марганец, темир, мис, фтор, рух бор.
Қадимги халқ табобатида қовунни хўл, совуқ мижозли, тиқинларни очувчи ва меъда-ичак, сийдик йўлларини тозаловчи деб ҳисоблашган.
Халқ табобатида дармонсиз ва камқон касалларга қовун буюрилади. У гепатит билан оғриб ўтган ва қабзиятли беморларга берилади. Юзга сепкил, хуснбузар тошганида, доғ тушганида кечаси ётиш олдидан юзга қалин қилиб сўлиган қовун пўчоғи боғлаб қўйилади. Уруғларини янчиб сувга яхши қориштириб, сепкил ва хуснбузарларни кетказиш учун ишлатилади. Сариқ касаллиги, буйрак-тош касаллигида қовун фойда беради, у пешоб хайдашни кучайтириб, одамни терлатади.
Замонавий табобатда қовунни қувватга киргизадиган, сийдик хайдайдиган ва сурги воситаси тариқасида буюрилади. У айниқса, қабзият, гепатит, атеросклероз, камқонлик ва бошқаларга фойдали. Таркибида витамин С ва РР борлигидан атросклерозда ва каротин, темир моддалари сақланганлиги учун камқонликка даво ҳисобланади.

ПИЁЗ

Пиёз халқ табобатида жуда катта аҳамиятга эга. Маълумотларга кўра, пиёзбоши препарати - аллилгеп (спиртли настойкаси) ичак заифлашиши (тонусининг пасайиши), колит (йўғон ичакнинг яллиғланиши) атеросклероз, гипертония касаллигининг баъзи турларини даволашда қўлланилади.
Майдаланган пиёзбошидан қийин битадиган ва йирингли яраларни даволашда фойдаланилади. Пиёз яна гипо- ва авитаминоз касалликларини даволашда витаминларга бой сабзавот сифатида ишлатилади.
Халқ табобатида пиёз билан турли яралар, чипқон, зангла (цинга) ва бошқа касалликларни даволашда, сийдик ҳайдовчи дори сифатида фойдаланилади. Майдаланган пиёзни олма ва асал билан аралаштириб, йўталга ва томоқ оғригига қарши дори ўрнида ҳам фойдаланилади.

 

ДАМЛАМАЛАР

Ичак фаолияти бузилиб, кўнгил айниганда

2 ош қошиқ майдаланган чўл ялпизини 2 стакан қайноқ сувда бир кеча-кундуз дамлаймиз. Овқатдан олдин ярим стакандан икки маҳал ичиш керак.

Ангина билан оғриганда

Маймунжон баргларидан 1 ош қошиқ баргга 10 ош қошиқ сув миқдоридаги қайнатиб тайёрланган дамлама билан томоқ ва оғиз бўшлиғи чайилади.
Дорихоналарда сотиладиган 1 чой қошиғи миқдоридаги мойчечакка 1 стакан сув қўшиб қайнатилган дамлама билан томоқни тез-тез чайиш ҳам фойдали.
Малина баргларининг 1 ош қошиғига 20 ош қошиқ сув қўшиб қайнатиб тайёрланган дамлама ҳам ангинани даволайди.

Қуруқ йўталганда

1 чой қошиқ қуритилган бўймодарон (мать-и-мачеха) 1 стакан қайноқ сувга дамланиб, кунига 3 маҳал ичилади. Бу дамлама қуруқ йўтални юмшатиб, балғъамни енгил кўчиради.

Жароҳат ва шилинганда

Баргизуб баргининг устидаги юпқа тери олиб ташланади ва юмшоқ жойи жароҳатга боғлаб қўйилади. Лавлаги ва баргизуб баргининг шарбати ҳам жароҳатни даволайди.
Бир кунда икки-уч марта докани сабзи шарбатига ботириб битмаётган йирингли ярага қўйилса, ёрдам беради.
Жароҳатларнинг тез битишида маймунжон баргининг шарбати ва бўтқаси ҳам фойдали.

Ҳашаротлар чаққанда

Қоқигул баргларидан тайёрланган бўтқа ёки лавлаги, петрушка поясидан чиққан шарбатни пахтага шимдириб, ҳашарот чаққан жойга қўйилса, ёрдам беради.

Бош огриганда

Ялпиз ичакларни бақувват қилади. Ялпизни эзиб, сувига бир оз сирка кушиб, пешонага ва чаккага суртилса бош оғриғини қолдиради.

Жигарга…

Укропни қайнатиб, сувини эрталаблари ичилса, талоққа ва жигарга фойда қилади. Яра шишганда хам укропни қўйсангиз шиш қайтади.

 

 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
     
 

 

 
 
Copyright © 2005 sof-olam.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz