1-саҳифа

 

ТАОМЛАР


САБЗАВОТЛИ КОТЛЕТ

Масаллиқлар: 2 бўлак нон, 2 та пиёз, 2-3 ош қошиқ ёғ, 1 дона саримсоқпиёз, 1 та булғор қалампири, 700 гр. ёғсиз қийма, 1 та тухум, 10 гр. сариёғ, 150 гр. пишлоқ, туз, зира, муруч.

Буханка нонни қаттиқ ерини ажратиб оламиз. Тўғраб, сувда озгина юмшатамиз. Пиёзни майда қилиб тўғраймиз. Булғор қалампирини ҳам майда тўртбурчак шаклида тўғраймиз. Товага озгина сариёғ солиб, пиёз ва булғор қалампирини қовурамиз. Озгина қизаргач, саримсоқпиёз билан биргаликда қовурамиз ва ўн дақиқага димлаб қўямиз. Қиймани тоғорачага солиб, қўлимиз билан эзғилаймиз. Қовурган масаллиқни қийма билан қориштириб унга нон ва тухум солиб тузини ростлаймиз. Қўлни ёғлаб қиймани 8-10 бўлакка бўламиз. Пишлоқни кесиб, котлетни ўртасини қўл билан тешиб, ўша ерга жойлаймиз. Тайёрлаб бўлгач, қизиб турган ёғда котлетларни қовуриб оламиз. Ушбу таомни меҳмонларга тайёрлашни кўзда тутган бўлсангиз, ёнига қовурилган ёки қайнатилган картошка, гречка, гуруч билан тўлдирсангиз ҳам бўлади. Устига кўкат сепсангиз, таомингиз янада кўркам бўлади.

ГУЛ КАРАМЛИ ЖАРКОП

Масаллиқ: 800 гр. картошка, 1 та гул карам, 1 чўмич ўсимлик ёғи, майдаланган қора муруч, 200 гр. лаҳм гўшт, туз, зира.

Картошкаларни тўртбурчак шаклида тўғраймиз ва тузли сувда 15 дақиқа давомида қайнатамиз. Гул карамни чайиб майда бўлакчаларга бўламиз, қайнаб турган картошка устига солиб қайнатишни давом эттирамиз. Чўмич ёрдамида картошкани алоҳида, карамни алоҳида қилиб сузиб оламиз. Картошкани сариёғ билан аралаштирамиз, эзилиб кетмаслиги лозим. Туз, муруч озгина майдаланган ёнғоқ, карамни солиб аралаштирамиз.
Гўштни майда паррак шаклида тўғраб қизиб турган ёғда қовурамиз ва тагини ўчириб, димлаб қўямиз. Ликопчанинг бир томонига картошка, бир томонига карам солиб устига гўштни қўямиз. Овқатни устини ўзимиз хуш кўрган кўкат билан безатишимиз мумкин. Бир-икки паррак лимон бўлакчаларидан қўйсак, унданда кўркам бўлади.

ПОМИДОР ДЎЛМА

Помидорнинг устки томони кесилади, ичидаги эти олиб ташланади. Бироз туз ва қалампир сепиб, гуруч аралаштирилган қийма билан тўлдирилади. Гуручни сувда қайнатиб, сал юмшатиб олсангиз яна ҳам яхши. Сўнгра ёғ суртилган қасқонларга терилади ва 15-20 дақиқада пиширилади.

МАРЖУМАК (ГРЕЧИХА) ПАЛОВ

Худди паловники сингари зирвак тайёрлайсиз, фақат гўштни майда тўғранг. Зирвак тайёр бўлгач, гуруч ўрнига маржумак дони солиб, ўртача оловда қайнатинг. (Палов учун қанча гуруч ишлатсангиз, шунча миқдорда маржумак керак бўлади) Таом сувини шимиб, тайёр бўлгач оловни пастлатиб қозон қопқоғини ёпинг ва 5-8 дақиқа давомида дамланг.

ХИНЖАЛ
(Озарбойжон таоми)

1 кг унга 1 та тухум, туз, керагича сув солиниб қаттиқроқ хамир қилиб, 1 соат тиндирилиб қўйилади. Ёйиб дастурхон устида ярим қуритиб олиниб, 4 бурчак шаклида кесилади. Хамир шўр сувда пишириб сузиб олинади-да, тайёр қийма унинг устига қўйиб сузилади.
Қийма тайёрлаш: гўшт майда-майда тўғралиб озгина сувда пишириб олинади. Кейин 1 кг пиёз тўғраб, иккаласи сариёғда қовурилади. Пишган гўшт ҳам қовурилган пиёзга аралаштирилиб бир айлантириб олови ўчирилади.

А Ф А Р
(Озарбойжон таоми)

Кашнич, кўк пиёз, жуссей, жағ-жағ, шовул, исмалоқларнинг ҳаммасини тўғраб, туз сепиб аралаштирилади. Озгина тузли сувда ўртача қаттиқликда хамир қилиб, ундан майда-майда зувалачалар ясайсиз. Зувалачалар айлана шаклида ёйилиб, ярмига тайёр кўкатлар аралашмасидан солиб, очиқ қолган ярми билан усти яхшилаб бекитилади. Қуруқ товада у ёқ – бу ёғини қизартириб олинадида, ҳар бирининг устига эритилган сариёғ суртиб, устма-уст тахланади.
Ҳозир қиш. Бу кўкатларнинг ҳаммаси ҳам топилавермаслиги мумкин. Йўғи ўрнига бошқа кўкатлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бу сервитамин таом инсон учун табиий қувват бахш этади.

НЎХАТШЎРАК

Тозаланган нўхат (озгина солинган) сувда саккиз соат ивитиб қўйилгач, икки-уч қайта чайиб ташланади. Сўнгра ярим кило нўхатга бир ярим литр сувни мўлжаллаб солиб уч-тўрт соат милтиратиб қайнатасиз. Нўхатлар ёрилиб кетганда яхши пишган ҳисобланади.
Бошқа қозонда қайнаётган суякли гўштлар пишиб меъёрига етганда, тақсимчаларга нўхатни солиб гўшт, ҳалқаланган оқ пиёзни мурч аралаштириб устидан сепиб қўйинг.
Нўхатшўрак ҳайит кунларининг лаззатли таоми сифатида сизга албатта маъқул бўлади.

ҲАЛИМ

Шифобахш, қадимги бу таом одатда кўпчилик учун тайёрланади. Аммо қунт қилган бекалар оила дастурхони учун ҳам тайёрлашлари мумкин.
Каттароқ қозонга ўғирда янчилган, оқланган буғдой, сут, сув ва мол гўшти солиниб 12 соат қайнатилади. Тўхтовсиз ковлаб ҳар замон – ҳар замонла сув қўшиб турилади.
Пишган ҳалим атала сингари қуюқ, гўшти ҳил-ҳил пишган бўлади.

САЛАТЛАР

"ФАНТАЗИЯ" салати

Масаллиғи: 500 гр. картошка, 3 та тухум, 5 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 та қизил лавлаги, кичикроқ ярим бош карам, 2 та нордон олма, 1 та хрен илдизи, 2 ош қошиқ сирка, таъмига қараб туз, мурч керак бўлади.

Картошка тузли сувда пиширилади. Иссиғида артилиб, куб шаклида тўғралади, унга ўсимлик ёғи қуйилади. Духовкада пиширилган лавлаги куб шаклида тўғралиб, сирка сепилади. Арчилган олмалар йирик тишли қирғичдан ўтказилади, карам майдалаб тўғралади ва таъмига қараб туз сепилади. Қайнатилган тухум ҳам майдалаб тўғралади. Ҳаммаси яхшилаб аралаштирилади.
Қирғичдан ўтказилган хрен, мурч қўшилади. Салат тайёр бўлгач, ярим соатдан кейин дастурхонга тортилади.

"ОРЗУ" салати

Масаллиғи: 2 та сабзи, 1/4 бош карам, 2-3 та бодринг, 1 та селдер илдизи ёки бир нечта редиска, бир боғ кўк пиёз, 1 та олма, яримта лимон, 1-2 та саримсоқпиёз палласи, 3 ош қошиқ сметана ёки майонез, шакар ва туз.

Карам, сабзи ва бодринг сомонча шаклида тўғралади. Тозаланган селдер илдизи ёки редиска, кўкпиёз ва саримсоқпиёз майда тўғралади. Сирланган тоғорачага солиб, лимон шарбати қўшилади. Олма тилимлаб кесилади, унинг бир қисми безаш учун олиб қўйилади, қолгани салатга қўшилади. Таъмига қараб туз, шакар, сметана ёки майонез ва гармдори қўшиб яхшилаб аралаштирилади.
Салат дастурхонда чиройли кўриниши учун олма, бодринг, кўкпиёз билан безатилади.

"ШУБА" салати

Масаллиғи: 1 та тузланган балиқ, 2-3 дона тухум, 500 гр. картошка, 1-2 дона қизил лавлаги, 2-3 та қизил сабзи, 250 гр. майонез, 5-6 бош пиёз.

Картошка, қизил лавлаги, сабзи, тухум сувда қайнатиб пишириб олинади ва совутилади. Ҳар бирини пўстлоғидан тозалаб алоҳида идишларга қирғичдан ўтказилади. Дастлаб салат идишга бир текис пиёз сепилади ва майонез суртилади. Сўнг устига картошкага туз сепиб қатиқ босилади ва майонез суртилади. Яхшилаб тозаланган балиқ, сабзи, туз, тухум, қизил лавлагиларнинг устидан ҳам майонез суртилади. Тайёр бўлган салатнинг устига қирғичдан чиқарилган тухум сариғи сепилади.

"АССОРТИ" салати

Масаллиғи: 4-5 дона картошка, 200 грамм кўкнўхат (маринадланган ёки пиширилган), 1 та гулкарам, 3 та тухум, 1 боғ редиска, 1 та барра бодринг, 1 боғ кўкпиёз ва кўксалат, 3 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 ош қошиқ лимон шарбати, таъбга кўра туз.

Картошка пўстлоғи билан пиширилиб, иссиғида арчилади ва тўғралиб устидан ўсимлик ёғи қуйилади. Гулкарам гул тўдаларига бўлиниб ювилгач, қайнаб турган тузли сувда пиширилпди ва човлида олинади. Тухумлар қаттиқ пиширилиб, биттаси майдаланади, иккитаси паррак қилиб тўғралади. Идишга картошка, човлидаги гулкарам, кўкнўхат, парракланган редиска ва бодринг, майдаланган тухум солиниб, туз сепиб, аралаштирилади. Устидан лимон шарбати қуйилади. Кўксалат барглари ва парракланган тухум билан безатилади. Ўсимлик ёғи ва лимон шарбати ўрнига сметана ёки қатиқ солса ҳам бўлади.

"ГУРУЧЛИ" салат

Масаллиғи: 2 ош қошиқ гуруч, 2 та барра бодринг, 2 та помидор, 4 ош қошиқ кўкнўхат (маринатланган ёки пиширилган), 4 та тухум, ярим боғ барра кўкпиёз, 1 боғ кўксалат, 4 ош қошиқ майонез, кўкатлар.

Гуруч пиширилади ва совутилади. Кўксалат барглари сомон-симон тўғралади. Барра бодринг, помидор ва пишган тухум ярим ҳалқа шаклида, кўкпиёз майда қилиб тўғралади. Ҳаммаси аралаштирилади, устига майонез қуйилиб, тузи ростланади.
Салат идишга уюм қилиб солинади. Кўксалат барглари, помидор, бодринг, тухум ва майда қилиб тўғралган кўкатлар билан безатилади.

"БОДРИНГЛИ" салат

Масаллиғи: Помидор - 4 дона, тухум - 1 дона, бодринг - 1 дона, 1/2 стакан майонез, туз, петрушка ва укроп кўкатлари.

Помидор пўстлоғидан тозаланиб, майда қилиб тўғралади. Бодринг ва тухумни эса айлана шаклида тўғраймиз. Сўнг аралашмага туз, кўкатлар қўшилиб, устидан майонез қуйилади ва яхшилаб аралаштирилади. Тайёр салатни идишга солиб петрушка, укроп кўкатлари билан безатилади ва дастурхонга тортилади.

 
Бош саҳифа
 
 
 
 
 
 
 
 

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

 

 

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
1 2 3 4 5
 

Биласизми Мозий шартномалари Подшохлар Тиббиёт Коинот Алишер Алишер Алишер Алишер Алишер

 
Биласизми Мозий шартномалари Подшохлар Тиббиёт Коинот Алишер Алишер Алишер Алишер
 
Copyright © 2005 sof-olam.narod.ru
 
 
doctor_ali@usa.com
 
Hosted by uCoz